Жаҳолатга қарши маърифат ёхуд ҳақиқат қиличи
Институтимизда “Ибратли, иқтидорли, ижодкор, истеъдодли инсонлар ила ижодий учрашувлар” рукнидаги мулоқотлар яна қайта бошланганидан барча мамнун. Бу гал таниқли исломшунос олим, Республика Маънавият ва маърифат маркази “Мафкура” бўлимининг бошлиғи, “Шуҳрат” медали соҳиби Иргаш Даминовнинг буюк аллома Абу Муъин Насафий ҳаётига бағишланган “Ҳақиқат қиличи” деб номланган муаллифлик фильми асосида “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзуида ижодий мулоқот бўлиб ўтди. Қизғин савол жавобларга бой бўлган бу тадбирда шоир ва олим Бобомурод Нур ҳам иштирок этиб, талабаларга бугунги мавзу ниҳоятда долзарб эканлигини эътироф қилиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Тадбир модератори, институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов таъкидлаганидек, “бундай тадбирлар талабалар онгу шуурида маънавиятимизга эътибор ва эҳтиромни янада ошириш билан биргаликда диний-маърифий ҳамда дунёвий билимларимизни кенгайтиришда ўз самарасини кўрсатади”. Даставвал, Иргаш Даминовнинг муаллифлигидаги “Ҳақиқат қиличи” номли фильм намойиш этилди.
Маълумки, илмий-маънавий меросимиз, миллий қадриятларимиз жуда қадимий илдизларга эга бўлиш билан бирга ўз вақтида инсониятнинг ахлоқийлашувига беқиёс ҳисса қўшган. Бу мерос гуманистик моҳиятга эга бўлиб, асл мазмунига кўра, одамзод эришган ҳар қандай ютуқни бутун инсониятга хизмат қилдиришга интилган. У барча халқлар, миллат ва элатлар, қолаверса, турли эътиқод вакилларини бирлаштирувчи, улуғ мақсадлар йўлида уюштирувчи толерантликка даъват этувчи меросдир. У иинсониятни бунёдкор ғояларга, ахлоқий қадриятларни соф ҳолида сақлаш уларни келажак авлодга етказишдек масъулиятга даъват этади. Бугунги кунда ушбу мероснининг нафақат турли қитъалар, элатлар, маданиятларни, балки барча даврлар: ўтмиш, бугун ва келажакни бирлаштирувчилик хусусияти ҳам кўзга ташланмоқда.
Буюк аждодларимизнинг миллий-маънавий меросини илмий асосда изчил ўрганиш бугун ҳар вақтдагидан ҳам долзарблик касб этмоқда. Чунки бу алломаларнинг ибратларга тўла ҳаёт йўлларию қолдирган беназир асарлари нафақат ўз юрти ва замонаси, балки бугун ҳам бутун инсоният тараққиётига катта таъсир этувчи мерос экани билан аҳамиятлидир.
Шу боис қуйидаги юртимиз илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшган айрим алломалар, хусусан, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “бундан минг йил аввал жаҳолатга қарши маърифат билан курашган Абу-л-Муъин Насафий меросига муносабат” аслида, буюк мутафаккирга бўлган меҳримизни, фахру ифтихоримизни намоён этади.
Тадбир давомида мавзуга оид саволларга тўла ва аниқ жавоб берган талабалар исломшунос олим Иргаш Даминов муаллифлигида нашр этилган китоблари билан рағбатлантирилди.
“Гуманитар фанлар” кафедрасининг ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов